Эркин иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этиладиган инвестиция лойиҳаларига доир умумий талаблар жумласига қуйидагилар киради:
Архитектура ва қурилиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда саноат хавфсизлиги соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлик;
Молиялаштириш манбаларининг мавжудлиги;
Эркин иқтисодий зона фаолиятига ва тармоқ ихтисослашувига мувофиқлик;
Технологик ускуналар ва технологик жараёнлар кўрсаткичларининг замонавий энергия самарадорлиги талабларига мувофиқлиги.
Эркин иқтисодий зона ҳудудида фаолиятнинг қуйидаги турларини амалга ошириш тақиқланади:
Экологик стандартларга ва меҳнатни муҳофаза қилиш стандартларига жавоб бермайдиган ишлаб чиқаришни;
Қурол ва ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни, қурол ва ўқ-дорилар савдосини;
Ядровий материаллар ва радиоактив моддалар ишлаб чиқаришни, ядровий материаллар ва радиоактив моддалар савдосини;
Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришни;
Хом терига ишлов беришни, ҳайвонларни ҳайдаб боқишни ёки сўйишни;
Цемент, бетон, цемент клинкери, ғишт, темир-бетон плиталар ишлаб чиқаришни, кўмир, оҳак ва гипсдан маҳсулот ишлаб чиқаришни;
Барча турдаги чиқиндиларни қайта ишлаш, парчалаш, ёқиш, газлаштириш, уларга кимёвий воситалар билан ишлов бериш, уларни якуний ва (ёки) вақтинча сақлаш ва (ёки) ер остига кўмиб ташлашни;
Нефтни қайта ишлаш заводларини, атом электр станцияларини, ядровий қурилмаларни, радиациявий манбаларни, қайта ишланган ядровий ёқилғи, радиоактив моддалар ва чиқиндилар, шунингдек бошқа радиоактив чиқиндиларни сақлаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш учун мўлжалланган пунктлар ҳамда қурилмаларни жойлаштиришни.